«МАТЕМАТИКАНИНГ ЗАМОНАВИЙ МУАММОЛАРИ»

Жорий йилнинг 20 май куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти томонидан «Математиканинг замонавий муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Анжуманни ҚҚДУ ректори, профессор А.Реймов очиб берди. Конференцияда машҳур математик олимлардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти директори, сенатор, академик Ш.Аюпов, академик А.Садуллаев, профессор М.Ариповлар ўз маърузалари билан иштирок этди.

Барчамизга маълум, сўнги йиллари муҳтарам Президентимизнинг бошчилигида мамлакатимизнинг илмий солоҳиётини юксалтириш, илм-фанни ривожлантириш бўйича бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги «Математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2020 йил 7 май кунги «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари соҳани янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, Президентимизнинг 7 май кунги қарорида Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтининг ҳудудий бўлинмалари  ташкил этилиши тасдиқланди. Албатта, бу қарорлар бутун илм аҳли учун катта имкониятлар йўлини очиб беради. Жумладан ёш математикларнинг ўз иқтидорларини намоён этишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Конференция барча қатнашчиларнинг илмий фаолияти учун жуда фойдали бўлди. Хусусан, ёш изланувчилар жаҳон миқёсида илмий изланишлар олиб бораётган устоз-математатикларнинг маърузаларидан ўзлари учун муҳим тажриба орттирадилар.

Онлайн форматта ташкил этилган мазкур республика анжуманга Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ математик олимлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.

ҚҚДУ Матбуот хизмати.